Ўзбекистон Республикаси
Бош прокуратураси Академияси

Эътироф

Академик Акмал САИДОВ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2018 йил 28 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларни жорий йилда мантиқий давом эттириш ва юксак босқичга кўтаришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Президентимизнинг 2019 йил 17 январда қабул қилинган “2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонида ушбу йўналишлардаги энг муҳим вазифалар кўзда тутилган.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, “Биз қанчалик қийин бўлмасин, чекка-чекка ҳудудларда ҳам “Жиноят ҳақиқати ва адолати” тамойилини албатта жорий этишимиз керак. Яъни, жиноят сўзсиз фош этилиши ва айбдор жазоланиши шарт. Бу масалага фақат ҳуқуқ-тартибот органларининг вазифаси, деб қарамасдан, бутун жамиятимиз бирлашиб, қаттиқ кураш олиб бориши зарур”.

Ушбу масъулиятли вазифа Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси раҳбарияти, ўқитувчи-педагоглар таркиби ва тингловчилари зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Бинобарин, ушбу нуфузли таълим муассасаси Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва 2017 йил 7 февралда тасдиқланган Ҳаракатлар стратегияси талаблари доирасида қайта ташкил этилгани худди шуни тақозо этади.

Мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йил 8 майда қабул қилинган “Прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси бўйича ўтган қисқа даврда сезиларли натижаларга эришилгани таҳсинга лойиқдир. 

Хусусан, Академия мутлақо янги форматда ва инновациялар асосида фаолият олиб борадиган замонавий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси сифатида шакллантирилди. Айни пайтда юртимизда прокуратура органлари ходимлари ва бошқа кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали тизимини ташкил этиш ҳамда фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш бўйича изчил ҳамда истиқболли жараёнлар бошлаб юборилган.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясининг шижоатли раҳбарияти ҳамда навқирон, ташаббускор ва новатор ҳуқуқшунослардан иборат жамоаси фаолиятига омаду зафарлар тилайман.

3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси Профессор Бахтиёр ПУЛАТОВ:

Бир неча йиллардан бери ушбу олий ўқув даргоҳида меҳнат қилиб келаман. Бир қатор шогирдлар чиқариб, уларнинг қандай заҳматлар билан илмий ишини ҳимоялаганларини ҳали ҳануз эслайман. Лекин тўғрисини эътироф этиш керакки, ходимларнинг Академиямиз илмий салоҳиятни юксалтиришга бўлган саъй-ҳаракатлари ҳар қачонгидан ҳам ўзгача.

Илмий кадрларни тайёрлаш ишлари бағоят жонланганини бошқа олий ўқув юртлари профессорлари ва ҳуқуқшунос ҳамкасабаларимдан эшитиш бошқача ғурур касб этади. Илмий кенгашимиз нуфузи ҳам тобора ошиб бормоқда. Унинг таркибидаги аъзолар замонамиз талабларига тўла жавоб берадиган олимлардан ташкил топди. Қувонарлиси шундаки, ёшлар билан биргаликда кўп йиллик меҳнат тажрибасига эга биз каби фахрийларни ҳам эъзозлаб, устоз-шогирд анъанаси давом эттириляпти.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раиси иқтисодиёт фанлари доктори, профессор А.Т.Юсупов:

Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан 2018 йил 8 майда имзоланган “Прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Фармон Бош прокуратура тизимида илмий кадрларни тайёрлаш ишларига янгича ҳаёт бахш этди, десам муболаға бўлмайди. Зеро, ушбу тарихий ҳужжат Академиянинг нуфузини янада ошириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб, ушбу даргоҳнинг илмий салоҳиятини оширишга, жамият ҳаётида муҳим ўрин тутган илмий муаммоларнинг амалий ечимини топишга имкон бермоқда.

Биргина ўтган 2018 йилда Бош прокуратура Академияси илмий жамоаси томонидан ҳимоя қилинган диссертация ишларига назар ташлайдиган бўлсак, холисона айтиш мумкинки, илмий салоҳият аввалги йилларга қараганда ҳам сифат, ҳам миқдор жиҳатдан юқорилашганини гувоҳи бўламиз. Академияда фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар ва малакали мутахассислар юридик фанларнинг бошқа ихтисосликлари бўйича илмий кенгашлардаги фаолиятлари билан мамлакатимизда илм-фаннинг ривожига ўз хиссаларини қўшиб келмоқдалар.

Лунд университетининг ҳуқуқ социологияси ва криминология профессори, юридик фанлари доктори жаноб Патрик ОЛССОН (Швеция):

Қийинчиликларсиз муваффақиятга эришиб бўлмаслигини доимо ёдда тутинг. Мунтазам ўзгариб турувчи жамият талабларига жавоб берувчи янги ташкилотни шакллантириш ва олдинга интилиш осон жараён бўлмаслиги мумкин, лекин сиз – Академия, бунга эриша оласизлар.Бош прокуратура Академияси ҳамда унинг самимий ва ажойиб ходимларига келажакдаги барча ишларига омадлар тилайман. Келажаги – порлоқ, миллат бойлиги эса, унинг олимларидадир.

Dr. Patrik OLSSON

Always remember that there will be no success without hardship.

Moving forward and forming a new organization to meet the demands in an ever changing society can be a challenging process but you are the academy to do it.

I wish the AGPO and its open minded and brilliant men and women the best of luck in all of your future endeavors.

The future is bright and the nation's treasure is in its scholars.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, ТДЮУ профессори Замира ЭСОНОВА:

Илм-фан жой танламаслиги керак, деб ўйлайман. Зеро, умумий ва якуний натижа ягонадир, бу ҳам бўлса – Ватан равнақи учун! Шундай экан, мақсадларимиз муштарак. Бироқ шу билан бирга илм соҳасидаги соғлом рақобат бўлиши табиийдир. Бош прокуратура Академияси қайта ташкил этилгач, ҳимоя қилинган диссертациялар сифатига назар ташласак, тан олиб айтиш керак, ҳақиқатдан ҳам аввалгиларидан савияси юқорилашиб, бошқа айрим ҳуқуқшунослик йўналишидаги олийгоҳлардан илгарилаб кетгани рост. Сабаби янгича муҳит ва бу ерда яратилган шарт-шароитлар ўзгачадир. Албатта, ҳавас билан қараймиз ва шунга интиламиз ҳам. Академияда жорий этилаётган инновацион усуллар ва эришилаётган ютуқлардан ўзимизнинг иш фаолиятимизда ҳам қўллашга интиляпмиз.

Рустам УРИНБОЕВ, Хельсинки университетининг Россия ва Евроосиё тадқиқотлари бўйича доценти (Финляндия), Лунд университетининг катта илмий ходими (Швеция):

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси билан ҳамкорлик менга катта завқ беради.

Академия ташкил этилганлигига бир йил бўлмаган бўлса-да, у Ўзбекистоннинг ҳуқуқ ва жамият соҳасида миллий тадқиқотлар ва таълим маркази сифатида ўзини кўрсата олди. Бу, айниқса, Академиянинг миллий ва хорижий шериклар иштирокидаги кўпсонли тадқиқот ва таълим лойиҳаларида намоён бўлмоқда.

Хельсинки университети (Финляндия), Лунд университети (Швеция) вакили сифатида Академия билан самарали ва кўпқиррали ҳамкорлик ўрнатдим.

Ўзбекистондаги жорий ислоҳотлар ва ижтимоий ўзгаришлар жараёнини қўллаб-қувватлаш учун бизнинг ҳамкорлигимиз ҳал қилувчи аҳамият касб этишига самимият билан умид қиламан.

Академия докторанти Анора ДЖУРАЕВА:

Илм билан шуғулланаман деганлар олдинлари турли бюрократик тўсиқлардан ҳафсаласи пир бўлиб, қанчадан-қанча ажойиб ғоялари амалга ошмасдан ичида қолиб кетарди.  Эндиликда тадқиқот олиб бориш истагида бўлган мен каби ёшлар учун барча зарурий шарт-шароитлар мавжуд.

Академия раҳбариятининг “Сиз илм-фан сари эмас, илм-фан Сиз томон келади” ёндашуви алоҳида таҳсинга сазовор. Ёш олимлар қоғозбозлик билан шуғулланиш ўрнига аниқ илмий тадқиқотлари билан банд. Мавзуларни расмийлаштиришга оид барча ҳаракатлар Илмий марказ томонидан пухта ва тезкорлик билан қисқа муддатларда амалга оширилмоқда.

Бундай имкониятлардан оқилона фойдаланиб, диссертациямиз ҳимоясини икки карра тез ва сифатли бажармаслик ношукрлик бўлади. Биз албатта, ҳимоя қиламиз!