Ўзбекистон Республикаси
Бош прокуратураси Академияси

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси магистратурасига ҚАБУЛ 2019/2020

МАГИСТРАТУРАГА НОМЗОДЛАР ДИҚҚАТИГА

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси магистратурасига номзодлар қабул қилинади.

Магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш ўқитишнинг амалий хусусиятига ва прокуратура органларининг касбий фаолияти билан узвий боғлиқликка таянган ҳолда амалга оширилади.

Академия магистратурасига номзодларни қабул қилиш тенг ҳуқуқлилик, қабул ва танловнинг ягона қоидалари асосида амалга оширилади. Магистратурага танлов “юриспруденция” мутахассислиги бўйича олий юридик маълумотга эга бўлган шахслар орасида ўтказилади. Шунингдек, прокуратура органлари ходимлари, шу жумладан амалдаги кадрлар захирасидаги ходимлар танловда иштирок этиши мумкин.

Академия магистратурасининг “прокурорлик фаолияти”, “тергов фаолияти” ва “коррупцияга қарши курашиш” йўналишлари бўйича 2019/2020 ўқув йилига жами 30 та, шу жумладан 18 та давлат гранти ва 12 та тўлов контракти асосида қабул квоталари тасдиқланган бўлиб, шундан:

– прокуратура органлари ходимлари учун – 15 та (ҳар бир йўналиш бўйича 5 тадан);

– очиқ танлов бўйича жами – 15 та, шу жумладан давлат гранти асосида 3 та (ҳар бир йўналишда 1 тадан) ва тўлов контракт асосида 12 та.

Очиқ танлов бўйича давлат гранти асосида қабул қилинган номзодларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва миқдорда ҳар ойлик стипендия тўланади.

Кириш имтиҳонлари 20 август – 10 сентярь оралиғида мутахассислик фанлари ва чет тили фанидан тест синови, шунингдек ёзма имтиҳон тарзда ўтказилади.

Чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи В2 ва ундан юқори даражадаги давлат малака сертификатига ёки халқаро сертификатлардан CEFR (Common European Framework of Reference) бўйича В2, IELTS (International English Language Testing System) бўйича 5.5 балл, TOEFL (Test of English as a Foreign Language) бўйича 72 баллдан кам бўлмаган баллга эга номзодлар чет тили фани бўйича имтиҳонни топширишдан озод қилинадилар. Уларга энг юқори балл (50 балл) қўшилади.

Академия магистратурасида ўқитиш давлат тилида амалга оширилади. Ўқиш давомийлиги – 1 йил.

Ўқиш жараёнида энг яхши натижаларга эришган Академия магистратураси битирувчилари прокуратура органларига хизматга қабул қилишга тавсия қилинадилар.

Бош прокуратура Академиясида магистратура йўналишлари бўйича таълим жараёни ўқитишнинг самарали замонавий педагогик ва ахборот коммуникация технологияларини қўллаган тарзда амалга оширилади.

Академияда таълим жараёнининг асосини ўқитишнинг замонавий интерфаол шакл ва усулларини қўллаган ҳолда, амалиётга йўналтирилган, компетентлик ёндашув, шунингдек таълим сифатини уни баҳолаш мақсадида доимий мониторинг қилиш ташкил этади.

Таълим жараёнини етакчи хорижий таълим муассасалари амалиётида ўзини оқлаган қулай ва самарали усул – академик кредит тизими асосида ташкил этиш режалаштирилган.

Бош прокуратура Академияси 30 га яқин дунёнинг етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатган бўлиб, тингловчилар ўзаро алмашинуви дастурларини амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилган. Натижада ўқув жараёнига Академия профессор-ўқитувчилари билан бир қаторда қатор нуфузли хорижий таълим муассасаларидан экспертлар, профессор-ўқитувчилар жалб қилинади.

Магистратурага номзодлар жорий йил 10 июнь – 10 август кунлари давомида доимий ёки вақтинча яшаш манзили бўйича Академия қабул комиссияси аъзолари – прокуратура органларининг кадрлар тармоқларига ҳужжат топширишлари мумкин.

Номзодлар томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

сўровнома;

таржимаи ҳол;

паспорт, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхалари;

яқин қариндошлари ва уларнинг фаолиятига оид маълумотлар, тасдиқловчи ҳужжатлар (паспорт нусхаси, яшаш, ўқиш ёки иш жойи ҳақида маълумотнома) илова қилинган ҳолда;

3,5 х 4,5 см ўлчамли 4 дона рангли фотосурат;

яшаш, иш жойи ва соғлиғи ҳақида маълумотнома;

олий маълумот тўғрисидаги диплом (ёки дипломдан кўчирма – Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларини давлат гранти асосида ўқиб тугатганлар учун) ҳамда унга илова;

чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи В2 ва ундан юқори даражадаги давлат малака сертификати ёки халқаро сертификатлар нусхаси (мавжуд бўлганда);

меҳнат дафтарчаси нусхаси (меҳнат стажи мавжуд бўлганда).

Ўзингизни қизиқтирган саволлар юзасидан қабул комиссиясига (71) 202-04-96 (1775) рақами орқали боғланган ҳолда батафсил маълумот олишингиз мумкин.