Ўзбекистон Республикаси
Бош прокуратураси Академияси

Қайта тайёрлаш

Прокуратура органларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада турган кадрларни касбий қайта тайёрлаш курслари

Академияда прокурор-тергов ва таҳлилий ишларни юритиш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиш юзасидан касбий билим ҳамда кўникмаларни чуқурлаштиришга, шунингдек, ишни ташкил этишнинг инновацион шакллари ва методларини ҳамда бошқарув асосларини ўзлаштиришга йўналтирилган, давомийлиги 576 соатдан кам бўлмаган прокуратура органларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада турган кадрларни касбий қайта тайёрлаш курслари амалга оширилади.

Курс дастури бошқарув ва менежмент асосларини ташкил этишнинг инновацион шакллари ва методларини ўзлаштириш, раҳбар кадрларнинг билим ва бошқарув кўникмаларини ривожлантиришга, тингловчиларнинг етакчилик фазилатларини мустаҳкамлашга йўналтирилади.

Қайта тайёрлаш курси замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, ўқитишнинг инновацион ёндашув ва технологияларини қўллаган ҳолда ташкил этилади. Мазкур курсда ўқитиш блок-модуль тизими асосида ташкил этилиб, ҳар бир ўқув блоки бўйича аудитория машғулотлари касбий кўникма ва малакаларни такомиллаштириш, прокурор-тергов ишининг илғор ютуқларини ўргатиш, шунингдек, прокуратура органлари ходимлари фаолиятидаги тизимли камчиликларни бартараф этишга йўналтирилган амалиётни ўташ билан бирга ташкил этиб борилади.

Амалиётни ўташ жараёнида тингловчилар ўз касбий фаолиятидан келиб чиқиб танлаган долзарб мавзулар бўйича илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириб борадилар. Илмий ишлар натижалари битирув имтиҳонлари жараёнида тақдимот қилинади. 

Битирувчиларга касбий қайта тайёрлаш ҳақида диплом топширилади.

Прокуратура органларида лавозимларни эгаллаш учун номзодларни касбий қайта тайёрлаш курслари

Академияда прокурор-тергов иши ва прокуратура органларида иш юритишни ташкил қилиш асосларини ўқитишга йўналтирилган, давомийлиги 576 соатдан кам бўлмаган прокуратура органларида лавозимларни эгаллаш учун номзодларни бирламчи ихтисослашув шаклида касбий қайта тайёрлаш курсларига асос солинган.

Олий таълим ҳамда амалий фаолият орасида мавжуд бўшлиқларни тўлдириш мақсадида таълим жараёни амалиётга йўналтирилган компетенциявий ёндашув асосида ташкил этилган.

Ўқув машғулотлари илғор педагогик ва ахборот-комуникация технологияларини қўллаган тарзда ўтказилади. Тингловчиларда тергов ва тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш бўйича амалий ва махсус кўникмаларни шакллантириш мақсадида ўқув машғулотлари махсус жиҳозланган ўқув хоналарида ўтказилади.

Ўқиш жараёнида курс тингловчилари таҳлилий фикрлаш қобилияти, чет тилларида сўзлаш ва шу каби самарали фаолият юритиш учун зарур бўлган бошқа кўникмаларини ривожлантириш имкониятига эга бўлади.

Ҳар бир ўқув курси бўйича аудитория машғулотлари пойтахт туманлари прокуратураларида амалиёт ўташ билан бирга ташкил этиб борилиб, бу тингловчиларда терговга қадар текшириш ва тергов ҳаракатларини ўтказиш, иш юритиш, мурожаатлар билан ишлаш ва тергов-прокурорлик фаолиятига оид бошқа кўникмаларнинг шаклланишига хизмат қилади.

Бирламчи ихтисослашув шаклидаги қайта тайёрлаш курслари зарур ахлоқий, психологик фазилатлар ва ҳар томонлама билим ва юқори малакага эга бўлган муносиб номзодларни танлаб олиш имконини берадиган, прокуратурага хизматга қабул қилишнинг мутлақо янги моделига асос солиб берди.

Ўқув машғулотлари якуни бўйича ўтказилган синов имтиҳонларига асосан битирувчиларга касбий қайта тайёрлаш ҳақида диплом берилади.