Ўзбекистон Республикаси
Бош прокуратураси Академияси

Наманган вилоят прокуратураси тезкор ходимлари учун махсус малака ошириш курси

Академия томонидан Наманган вилоят прокуратурасининг судларда прокурор ваколатини таъминлаш йўналишида хизмат қилаётган тезкор ходимлари учун махсус малака ошириш курси ташкил этилди.

Мазкур малака ошириш курси масофавий таълимнинг “4+0” тизими асосида илк маротаба ташкил этилган бўлиб, давомийлиги 144 соат бўлган ўқув машғулотлари тўлиғича масофадан ўзлаштирилиши белгиланди. Бу ўз навбатида вилоят прокуратураси ходимларига асосий иш жойидан умуман ажралмаган ҳолда малака ошириш имконини беради.

Курс дастурини шакллантиришда прокуратура фаолиятининг умумий масалалари билан бир қаторда жиноят, фуқаролик ишлари бўйича судларда, иқтисодий ва маъмурий судларда прокурор ваколатини таъминлашнинг ўзига хос масалалари акс эттирилди. Тингловчилар билим ва кўникмаларини автоматик тарзда текшириб борилиши учун топшириқ ва казуслар жойлаштирилди.

Малака ошириш ўқув курси якунида эгалланган билим ва кўникмаларни ҳамда тингловчиларнинг курс дастурини ўзлаштириш даражасини баҳолаш мақсадида Академия профессор-ўқитувчиларидан иборат комиссия томонидан бевосита ҳудудга чиқиш ва тингловчиларнинг курс дастурини ўзлаштириш даражасини аниқлаш режалаштирилган.

Малака ошириш курси ўқув дастурининг ўтказилиш тартиби, амалий топшириқларни бажариш қоидалари, тингловчиларнинг Академия билан доимий алоқада бўлиш имкониятларини таъминлаш чоралари юзасидан тингловчилар видеоконференцалоқа орқали ўтказилган вебинар-тренинг жараёнида тушунтиришлар берилди.